Тавсия

“Этефон” таркибли препаратини белгиланган меъёрлардан кам сепган ва кечки ғўза майдонларида ишловларни табақалаштириб ўтказиш бўйича тавсия

Ғўза майдонларида “Этефон” таркибли препаратларни қўллашдан асосий мақсад ғўзага “қариш сигнали”ни бериш, ўсимликнинг мавсум давомида тўплаган озуқа моддаларини мавжуд кўсак, чигит ва толага йўналтириш, ҳосилни кузги совуқ ва ёғингарчилик кунларига қолдирмасдан пишириб, кўсакларнинг очилишини тезлаштиришдан иборат.

“Этефон” белгиланган меъёрда ва сифатли сепилганда 5–6 кун ичида унинг таъсири далада яққол кўрина бошлайди. Ғўза баргларида қариш ва қизариш белгилари пайдо бўлади, яшиллик пасаяди, кўсаклар тўлишиб-йириклашади, чигит ва толанинг пишиши жадаллашиб, кўсакларнинг очилиш жараёни тезлашади.

Айрим фермер хўжаликларида “Этефон” белгиланган меъёрдан кам сепилганлиги сабабли унинг таъсири етарли даражада намоён бўлмаган майдонлар мавжуд. Шу сабабли 2-босқич дефолиация тадбирларини барча майдонларда бир хил эмас, балки даланинг ҳолатидан келиб чиқиб табақалаштириб ўтказиш тавсия этилади.

Этефон таъсири яхши бўлган майдонлар
  • ғўза баргларида қариш ва қизариш белгилари яққол кўринса;
  • ўсимликнинг яшиллиги пасайган бўлса;
  • кўсаклар йириклашиб, тўлишган бўлса;
  • пастки ва ўрта ярусдаги кўсаклар очилиши тезлашган бўлса бундай майдонларга қўшимча “Этефон” сепиш талаб этилмайди.
Этефон кам сепилган ва таъсири суст бўлган майдонлар

Агар биринчи ишловдан кейин ҳам ғўза қуйидаги ҳолатда бўлса:

  • яшил ҳолатда сақланиб қолган;
  • баргларда қариш ва қизариш белгилари жуда кам;
  • кўсаклар етарлича йириклашмаган;
  • кўсакларнинг тўлиши ва очилиши секин кечаётган бўлса — “Этефон” таъсири етарли эмас.

 

Ушбу майдонларда 2-босқичда сепиладиган тидиазурон + диурон 54% — 100 г/га препарати билан биргаликда 72%ли “Этефон” бўлса камида 1,0 л/га ёки 48% ли “Этефон” бўлса камида 2,0 л/га қўшиб қўллаш зарур.

Бунда Этефон ғўзага “қариш сигнали”ни кучайтиради ва кейинги 4–5 кун давомида ўсимликдаги озуқа моддаларининг кўсакларга йўналишини жадаллаштиради.

Натижада кўсаклар тўлишиб, чигит ва толанинг пишиши тезлашади, кўсак вазни ошади ва очилиш жараёни жадаллашади.

Шунинг учун далада Этефон таъсирини фақат сепилган препарат миқдорига қараб эмас, балки ғўзанинг ташқи кўриниши ва кўсакларнинг ҳолатига қараб баҳолаш муҳим.

1-мисол. Этефон сепилмаган ёки таъсири бўлмаган дала
2-мисол. Этефон сепилган, барглари қизариб, кўсаклар очилишни бошлаган дала

Кеч экилган ва такрорий ғўза майдонларида

Кеч экилган ва такрорий (қайта экилган) ғўза майдонларида вегетация ва кўсакларнинг пишиб етилиши асосий майдонларга нисбатан кеч боради.

Сентябрь ойига келиб кунлар қисқаради, тунги ва кундузги ҳаво ҳарорати пасаяди. Ҳарорат пасайиши билан ғўзадаги физиологик ва биокимёвий жараёнлар ҳам секинлашади. Натижада кечки майдонларда кўсакларнинг табиий пишиши ва очилиши учун вақт янада қисқаради.

Шу сабабли ҳаво ҳарорати пасайишини ҳисобга олган ҳолда кечки ва такрор экилган майдонларда “Этефон” меъёри ошириб қўлланади.

Бунда қуйидаги меъёр бўйича тавсия этилади:
72% ли “Этефон” — 2,5–3,0 л/га
48% ли “Этефон” — 4,5–5,0 л/га

Кечки майдонларда асосий мақсад — қолган қисқа иссиқ кунлардан самарали фойдаланиб, ғўзага ўз вақтида “қариш сигнали”ни бериш ва мавжуд кўсакларни совуқ тушишидан олдин пишириб, очилишини тезлаштиришдир.

Ишчи аралашмани тайёрлаш

“Этефон” кам сепилган ва таъсири суст бўлган майдонларда 2-босқич ишлови учун гектарига 300 литр ишчи эритма тайёрлаш мақбул ҳисобланади.

1 га учун: 300 л ишчи эритма тидиазурон + диурон 54% — 100 г ҳамда + 72% “Этефон” камида 1 л ёки 48% “Этефон” камида 2 л қўшиб қўлланилади.

1. Идишга белгиланган сув миқдорининг тахминан ярми қуйилади.
2. Аралаштиргич ишга туширилади.
3. Тидиазурон + диурон 54% препарати гектарига 100 грамм ҳисобидан сув билан яхшилаб аралаштирилиб, идишга қўшилади.
4. Кейин 72% ли “Этефон”дан камида 1 литр/га ёки 48% ли “Этефон”дан камида 2 литр/га ҳисобида қўшилади.
5. Қолган сув қуйилиб, ишчи эритма белгиланган ҳажмга етказилади.
6. Препаратлар ишчи эритмада бир текис тарқалиши учун аралашма яхшилаб аралаштирилади.

Ишлов сифати учун муҳим шартлар

Препаратни бир жойга кўп, бошқа жойга кам туширишга йўл қўймаслик учун пуркагичлар иш бошланишидан олдин созланиб, ишчи эритманинг далага бир текис сепилиши таъминланиши лозим.

“Этефон” ва дефолиантларнинг самарали ишлаши учун далада етарли намлик бўлиши муҳим. Ишлов даврида тупроқ намлиги 60–70 фоиз атрофида бўлиши мақбул ҳисобланади.

Ишчи эритманинг ҳар бир гектарга белгиланган меъёрда ва бир текис тушиши препаратларнинг самарадорлигида энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Иқтисодий самара

1 гектарда 220 минг туп ғўза ва ҳар бир тупда ўртача 9 тадан бўлиқ кўсак бўлса, қарийб 1 млн 980 минг дона кўсак шаклланади.

Ҳар бир кўсакдаги пахта вазни ўртача 1 граммга ошса:

1 980 000 × 1 грамм = 1 980 кг ёки 19,8 центнер қўшимча ҳосил.

1 980 кг × тахминий 8 000 сўм = 15 840 000 сўм қўшимча даромад.

Бундан ташқари, Этефон қўлланилганда кўсакларнинг 90-95 фоизи бир вақтда, лўппи бўлиб очилади. Фермер далага бор ишчи кучини ёки комбайнни атиги бир марта киритади ва ялпи ҳосилни бирданига йиғиб олади.

Этефон ёрдамида эрта пишган пахта кузги лой, намгарчилик ва совуқларга қолмайди. У мутлақо қуруқ, тоза ва оқ бўлиб, юқори навли (1-сорт) ҳисобланади.

Пахта этефон ҳисобига вақтли ва бир мартада йиғилгани боис, ер тез бўшатилади ва кузги буғдой оптимал агротехник муддатда экилади. Бу кейинги йилги ғалла ҳосилдорлигини 10-15% га оширади.

Юқоридаги барча омилларга асосан этефон фермерга 16 708 000 сўм соф иқтисодий наф бўлиб қайтади.

Энг муҳим: ҳар бир дала ҳолатига қараб табақалаштирилади

Этефон таъсири яхши бўлса — қўшимча Этефон сепилмайди.
Таъсири суст бўлса — 2-босқичда тидиазурон + диуронга Этефон қўшиб қўлланади.
Кечки майдонларда — ҳаво ҳарорати пасайиши ҳисобга олиниб, оширилган меъёр қўлланади.
Menyu